Кафедра тарихи

Хирургик касалликлар кафедраси

Тарихи

ТошДавТИ да 1975 йилда Иккинчи даволаш факультети ташкил қилиниши муносабати билан янги факультет учун мустақил кафедраларга эхтиёж пайдо бўлди ва шу сабабли 1976 йилда II даволаш факультетининг факултьтет хирургия кафедраси ташкил қилинди. Кафедра мудири этиб тиббиёт фанлари доктори, профессор Рахим Мухамедович Нурмухамедов тайинланган (1969 йилдан санитар-педиатрия факультетида, 1972 йилдан даволаш иши факультетида умумий хирургия кафедраси мудири) – мукаммал ташкилотчилик қобилиятларига эга бўлган, туганмас энергия соҳиби.

Рахим Мухамедович Нурмухамедов, миллати ўзбек, 1925 йилда туғилган. 1954 йилда ТошДавТИ даволаш факультетини аъло баҳога тугатган. Институтни тугатгач даволаш факультети хирургия кафедрасида клиник ординатурада қолдирилган, 1957 йилда проф. М.С. Астров раҳбарлиги остида шу кафедрада ассистент лавозимида ўз илмий фаолиятини давом эттирган. 1960 йилда «Ўткир бош мия жароҳатлари» мавзусида номзодлик диссетациясини ҳимоя қилган. 1966 йилда ўз кафедрасида доцент лавозимига тайинланган ва 1968 йилда проф. С.А. Маъсумов раҳбарлиги остида «Қари ва кекса ёшда хирургик касалликларнинг ўзига хос томонлари» мавзусида докторлик ишининг мувоффақиятли ҳимоясидан кейин  санитар – педиатрия факультети умумий хирургия кафедраси мудири этиб сайланади. 1970 йилда профессор илмий унвонига тасдиқланади. Р.М. Нурмухамедов 1972 йилдан даволаш факультети умумий хирургия кафедраси мудири, 1976 – 1981 йилларда II – даволаш факультети факультет хирургия кафедраси мудири, 1981-1988 йилларда Андижон тиббиёт институти факультет хирургия кафедраси мудири, 1988-2008 йилларда   II – ТошДавТИ даволаш факультети факультет хирургия кафедраси профессори лавозимида фаолият юритган.

Р.М. Нурмухамедов илмий – педагогик фаолияти ва институтдаги ижтимоий – ташкилий ишларни маҳорат билан биргаликда олиб борган. 1960 – 1971 йилларда даволаш факультети декани ўринбосари, кейинчалик эса декан лавозимида, 1971-1981 йилларда ТошДавТИ ўқув ишлари бўйича проректори, институт Илмий Кенгаши раиси ўринбосари, Илмий Услубий Комиссия ва институт танлов комиссияси раиси, хирургия бўйича муаммоли комиссия раиси лавозимларида фаолият юритган. Р.М. Нурмухаме­дов 1982 – 1989 йилларда Андижон Тиббиёт Институти ректори лавозимида самарали иш олиб борган.

Унинг ишларининг асосий қисми қари ва кекса ёшдаги беморларда операциядан олдин ва операциядан кейинги даврда юрак – қон томир, қон ивиши ва қон ивишига қарши тизимлардаги изланишларга бағишланган. Р.М.Нурмухамедов шунингдек, травматизм муаммолари (бошғмия травмалари, кўкрак қафаси ва қорин очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, томирлар жароҳатлари) ва хирургик инфекциялар (йирингли маститлар, сурункали остеомиелит, ичак оқмалари, парапрок­титлар ва бошқалар) билан ҳам шуғулланган.

Р.М. Нурмухамедов томонидан 400дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган бўлиб, жумладан, 13 та монографиялар, услубий қўлланмалар, маълумотномалар, 33 та тиббиёт фанлари номзодлари тайёрлаган: Суюмов С.А., Пулатов А.П., Карачурин А.М., Арифжанова З.Ш. ва бошқалар.

Р.М. Нурмухамедов Ўзбекистонда геронтологик хизмат асосчиси хисобланади. 1961 – 1991 йилларда ЎзССР ССВ геронтологик маркази ва республика геронтологлар ва гериатрлар илмий – услубий жамиятини бошқарган ва СССР ТФА геронтология ва гериатрия бўйича Президиум ва муаммоли комиссияси аъзоси бўлган. Р.М. Нурму­хамедов кўплаб маротаба хирурглар қурултойи, илмий конференциялар, симпозиумлар ва 2 та халқаро конгресслар иштирокчиси бўлган.

Р.М. Нурмухамедов Улуғ Ватан уруши қатнашчиси ва меҳнат ветерани, 2 марта СССР медали, 3 марта ЎзССР Юқори Кенгаши Президиуми Фаҳрий Ёрлиғи, Н.И. Пирогов Фаҳрий Нишони билан тағдирланган, СССР соғлиқни сақлаш аълочиси ва ЎзССР хизмат кўрсатган фан арбоби (1975) бўлган.

Кафедра базаси Шахар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасининг хирургия бўлимларида жойлашган, умумий 60 та хирургик койкадан иборат бўлган.

Ходимлар таркиби: профессор, т.ф.д. Геллер Александр Маркович, доцент, т.ф.н. Хаджибаев Мумин Хаджибаевич, ассистентлар т.ф.н. Цай К.С., Нажмитдинов Н.Н., Юсупов Ф.Г., Пулатов А.П., Файзуллаев Х.Ф., Суюмов С.А., Арифджанова З.Ш.

Лекин 1979 йилда кафедра базаси ГТС ТСҚга кўчирилган (бошқача номи Эски тез тиббий ёрдам, Жуковский кўчаси, 74)

Бу даврга келиб кафедра таркиби доцентлар т.ф.н. Хаджибаев Мумин Хаджибаевич, т.ф.н. Аталиев Альберт Ервандович, ассистентлар Нажмитдинов Н.Н., Пулатов А.П., Файзуллаев Х.Ф., Суюмов С.А., Арифджанова З.Ш., Махмудов З.У., Карачурин А.М. Эргашев Ш.К. лар билан тўлган.

Кафедранинг илмий қизиқишлари кенг миқёсда (шошилинч ва йирингли хирургия, жигар, ўт қопи патологиялари, яра касаллиги) бўлиб, асосан, гериатрик хусусиятларини қамраб олган.

Бу даврда кафедра хисобидан 5 та монография, 100 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилган ва 4 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган.

1982 йилда июл ойида ЎзССР ҳукуматининг чиқарган қарорига асосан проф. Р.М. Нурмухаммедов, ўқув-услубий (ТошДавТИ ўқув ишлари бўйича проректор лавозимидаги 10 йиллик меҳнати ва малакаси), даволаш ва илмий ишлар асосий ташкилотчиси сифатида, Андижон ДавТИ ректори қилиб тайинланди.